Москвада нашр этилувчи “Коммерсантъ” газетасининг “Росатом” давлат корпорациясидаги манбага таяниб хабар беришича, ширкат Ўзбекистон ва Саудия Арабистонини ҳамкорлик учун энг истиқболли бўлган давлатлар сифатида танлаб олди.
Хабарда айтилишича, “Росатом” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2017 йил охиридан бери бораётган музокаралар ҳозирча бошланғич босқичдан кўтарилгани йўқ. “Росатом” Ўзбекистон ҳукуматига ҳар бири 1,2 ГВт қувватга эга бўлган икки блокли атом электр станцияси (АЭС) қуриб бериш лойиҳасини таклиф этмоқда,
Аввалроқ “Росатом” давлат корпорацияси ахборот хизмати 2017 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик битими имзоланганини билдирган эди.
Ҳужжатни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов ва “Росатом” бош директори Алексей Лихачев томонидан имзоланган.
“Коммерсантъ” газетасининг ёзишича, Лихачев “Росатом” АЭС қуриш лойиҳасини ўзбек томони мақбул деб билан муддат ичида якунлашга тайёр эканини айтган.
Ҳозирча Россия томонидан таклиф қилинган лойиҳа Ўзбекистон томонидан қабул қилингани, мазкур лойиҳа қиймати ва у қайси манбалардан молиялаштирилиши тўғрисида маълумот берилган эмас.
Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, Беларусда 2020 йилгача қуриб битказилиши режалаштирилаётган икки блокли АЭСнинг лойиҳавий қиймати 11 миллиард доллар экани айтилган.