Британия полицияси собиқ жосус Сергей Скрипаль нерв газидан заҳарланганидан сўнг унинг ишини олиб борган ва у билан алоқда бўлган 21 полициячи тиббий кўрикдан ўтишга мажбур бўлганини билдирди.
Россия Разведка бош бошқармаси собиқ полковниги бўлган 66 ёшдаги Скрипаль ва унинг 33 ёшдаги қизи 4 март куни Солсбери савдо маркази олдида беҳуш ҳолатда топилган эди.
Полиция улар нерв гази воситасида заҳарланганини аниқлаган. Аввалроқ полициячилардан бири жиддий заҳарлангани ва касалхонада оғир аҳволда ётгани хабар қилинганди.
Британия ички ишлар вазири Эмбер Радд 8 март куни парламентда қилган чиқишида полициячи ўзига келиб, гапира бошлаганини, аммо унинг аҳволи Сергей Скрипаль ва унинг қизи каби оғир бўлиб қолаётганини айтди.
6 март куни ташқи ишлар вазири Борис Жонсон парламентда қилган чиқишида Сергей Скрипалнинг заҳарланишига Москва алоқадорлиги аниқланса, Лондон қатъий жавоб қайтаришга тайёр, деб баёнот берган эди.
Британия ички ишлар вазири Эмбер Радд 8 март куни:
-Биз жиноятчиларни, улар ким бўлмасин ва қаерда бўлмасин, жавобгарликка тортиш қароримизда қатъиймиз. Терговда олға силжишлар кузатилмоқда ва далиллар аниқлаштирилганидан сўнг ҳеч қандай иккиланишларсиз ҳаракат қиламиз. Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон 6 март куни айтганидай, бу ишга ким жавобгар эканини аниқлашимиз биланоқ, жиддий ва қатъий жавоб қайтарамиз, -деб айтди.
2004 йилнинг декабрида Скрипаль Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган ва 2006 йил августида суд ҳукми билан 13 йилга қамалган эди. 2010 йилда у авф этилган, кейинроқ АҚШда қўлга олинган Россия разведкаси ходимларига алмаштирилган.