"Ўзсаноатқурилишбанк" ва Тожикистоннинг “Ориён” банки ўртасида 20 миллион АҚШ долларига тенг ҳамкорлик битими имзоланди.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, бу 9 март куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга қилган давлат ташрифи чоғида эришилган муҳим келишувлардан биридир.
Бундан ташқари, Тожикистондаги “Амонат”, "Ориён" ва “Эсхата” банклари билан АҚШ доллари ва Евро валюта бирликларида “Вакиллик муносабатларини ўрнатиш бўйича банклараро шартнома” имзоланган.
Шунингдек, Ўзбекистондан Тожикистонга товарлар ва хизматлар экспортини молиялаштириш учун “Савдони молиялаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув” тузилган.
Бу ҳужжатлар асосида Ўзбекистондан Тожикистонга товар ва хизмат экспорти билан шуғулланишни истаган тадбиркорларга кредит берилади. Бу соҳада тадбиркорлик қилишни истовчиларга эса “Ўзсаноатқурилишбанк” ва “Ориён” банкларига мурожаат қилиши, уларга қисқа муддат ичида кредит берилиши айтилмоқда.