Дональд Трамп ва Тереза Мэй собиқ жосуснинг заҳарланиши масаласини муҳокама қилди

Британия бош вазири Тереза Мэй ва АҚШ президенти Дональд Трамп 2017 йилнинг майида Брюсселда ўтган НАТО саммитида.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Британия Бош вазири Тереза Мэй 13 март куни бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида Россия ҳукумати собиқ жосус Сергей Скрипаль ҳаётига суиқасд қилингани юзасидан пайдо бўлган саволларга “аниқ жавобларни бериши зарур”, деган якдил фикрга келдилар. Бу ҳақда Оқ Уй тарқатган баёнотда билдирилди.

Трамп Мэйни бу масалада қўллаб-қувватлашини ҳамда Британияда Скрипаль ва унинг қизи нерв газидан заҳарланиши юзасидан олиб борилаётган терговга ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини айтди.

12 март куни Скрипалларга қилинган кимëвий ҳужум ортида "жуда юқори эҳтимолга кўра" Россия турганини айтган Британия Бош вазири Тереза Мей¸ Лондон ҳукумати 13 март тунги соат 12 га қадар Москвадан бу воқеа юзасидан расмий изоҳ кутажаги¸ рисоладагидай изоҳ олинмаса¸ кескин жавоб чоралари қўллашидан огоҳлантирган эди.

Европа Иттифоқи ҳам бу масалада Британия билан бирдам эканини маълум қилди. Европа парламентида 13 март куни чиқиш қилган Европа комиссияси биринчи вице-президенти Франс Тиммерманс:

- Мен бу ишга жавобгар бўлган томон Европа бирдамлиги мавжуд эканини тушуниб етиши ўта муҳим, деб ҳисоблайман. Бу бирдамлик ўта қатъий, жуда кучли ва бузилмасдир. Бу бирдамлик жиноятчилар қилган ишлари учун албатта жазоланишларини ҳис қилишлари учун ҳам муҳимдир, -деб айтди.

4 март куни нерв газидан заҳарланган 66 яшар Сергей Скрипаль ва унинг 33 яшар қизи ўта оғир аҳволда реанимацияда қолмоқда.

Британия терговчиларини айнан Россияда ишлаб чиқарилган нерв газининг қандай қилиб ота-бола Скрипалларга қарши ишлатилгани қизиқтирмоқда.

Тезликда инсон асаб тизими фалаж қилиб¸ ўлимга элтувчи бу газ¸ Қорақалпоғистондаги Кимë институти лабороториясида фақат руслардан иборат олимлар гуруҳи томонидан 70-80-йилларда ишлаб чиқилган ва Орол денгизининг Ўзбекистонга қарашли Возрождение оролида синовдан ўтказилган.