Қозондаги хусусий мактаб директори Россия бош прокуратурасининг Татаристонда татар тилини мажбурий тарзда ўқитишни тақиқлаш тўғрисдаги қарорига бўйсунишдан бош тортгани учун жарима тўлайдиган бўлди.
Мактаб директори Павел Шмаков 13 март куни ўз Facebook саҳифасида Қозон суди уни “татар тилини рус тили билан бир ҳил даражада ўқитгани” учун 10 минг рубль, “мактабда вақтинча кафетерий ва тренажер зали ишламаётгани “ учун 15 минг рубль, жами 25 минг рубль миқдорида жаримага тортганини маълум қилди.
Шмаков суднинг бу қарори юзасидан аппеляция беришини билдирди ҳамда татар тилини ўқитишдан бош тортмагани учун янада кўпроқ муаммоларга дучор этилиши мумкинлигини ёзди.
Россия таркибидаги миллий республикаларда она тили муаммоси президент Владимир Путин 2017 йил июль ойида одамлар “ўз она тили бўлмаган тилни ўрганишга мажбурланмаслиги шарт”, деб айтиб, прокурорларга бу масалада текширув олиб бориш кўрсатмасини бергани ортидан авж олди.
2017 йилнинг август ойида президент федерал прокурорларга асосан бошқа миллатлар яшайдиган республикларда этник руслар маҳаллий тилларни ўрганишга мажбурланаётгани ёки йўқлигини аниқлаш тўғрисида фармойиш берган эди.
Бунинг ортидан Татаристонда рус ота-оналар мажбурий татар тили дарслари бекор қилинишини талаб қилиб, намойишга чиққан.