Тожикистон фуқаролари 16 мартдан бошлаб Ўзбекистонга визасиз келишлари мумкин.
Бу борада президент Мирзиёев томонидан имзоланган "Халқаро шартномани имзолаш тўғрисида"ги қарорида сўз боради.
Ташқи ишлар вазирлигинигнг билдиришича, 14 март куни Ўзбекистон томони визасиз борди-келди масаласида ички давлат процедураларини якунлади ва президент 9 март куни Душанбеда имзоланган фуқароларининг ўзаро келиб кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тасдиқлади.
Тожикистон фуқаролари 16 мартдан бошлаб дипломатик, хизмат ва хорижга чиқиш умумий фуқаролик паспорти билан Ўзбекистон ҳудудида визасиз 30 кунгача бўлишлари мумкин.
Расмий Тошкент Битим расмий кучга киритилишини кутиб ўтирмай, тожикистонликларга енгиллик бериш мақсадида визасиз ҳаракатланишга рухсат берган.
“Битимнинг кучга кириш санаси ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тожикистон Республикасида бўлишига нисбатан қўлланиши тўғрисидаги маълумот қўшимча тарзда эълон қилинади”, дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 14 март куни Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида фуқароларнинг ӯзаро борди-келдилари тӯғрисидаги ҳукуматлараро битимни ратификация қилиш учун мамлакат парламентига юборгани хабар қилинган эди.