Франция, Германия, АҚШ ва Британия лидерлари 15 март куни қабул қилган қўшма баёнотда Лондонда собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши учун масъулият Россия зиммасида экани билдирилди.
Баёнотда айтилишича, Европада Иккинчи Жаҳон урушидан бери биринчи марта асабни фалаж қилувчи нерв гази ишлатилиши ҳолати содир этилди.
Франция, Германия, АҚШ ва Британия лидерлари бу воқеани “Британия суверенитетига таҳдид” ҳамда “халқаро ҳуқуқнинг бузилиши” сифатида талқин қилмоқда..
Британия бош вазири Тереза Мэй журналистларга мазкур баёнот ҳақида гапирар экан:
- Мен бугун АҚШ, Франция ва Германия билан биргаликда имзолашга муваффақ бўлган баёнотимизни олқишлайман. Баёнотда иттифоқчилармиз бизни қўллаши тўғрисида Россияга аниқ мужда берилди. Биз Россиянинг норасмий разведкачилари бўлган 23 рус дипломатини бадарға қилишдан ташқари, бизга душман бўлган давлатга нисбатан қўллашимиз мумкин бўлган бошқа қўшимча чораларни ҳам кўрамиз,-деди Тереза Мэй.
Британия ҳудудида Россия разведкасининг собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Совуқ уруш даврида ишлаб чиқилган нервни фалаж қилувчи газ билан заҳарлангани учун куни кеча расмий Лондон мамлакатдан 23 дипломатни бадарға қилишга қарор қилган эди.
Британия бош вазири Тереза Мэй Москвадан Совет Иттифоқида ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқарилган нервни фалаж қилувчи газ Британияга қандай келиб қолганини тушунтириб беришни талаб қилган. Бироқ Москва бу талабни бажармаган.
4 март куни нерв газидан заҳарланган 66 яшар Сергей Скрипаль ва унинг 33 яшар қизи ўта оғир аҳволда реанимацияда қолмоқда.