Сенат Кенгаши 50, 100, 200 ва 500 сўмлик тангалар дизайнини тасдиқлади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгаши 17 март кунги мажлисида Марказий банкининг қиймати 50 (эллик), 100 (юз), 200 (икки юз) ва 500 (беш юз) сўмлик тангалар чиқариш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқди.

Сенат матбуот хизматининг хабар қилишича, Кенгаш аъзолари бу қийматдаги тангаларнинг намуна ва дизайнини кўриб чиқиб, маъқуллаган.

Ўзбекистонда 200 сўмлик танга илк бор чиқарилмоқда.

Кичик қийматдаги купюраларни босқичма-босқич 50, 100, 200, 500 сўмлик тангаларга алмаштириб, чиқариш режаланмоқда.

2017 йилнинг 22 августида Ўзбекистонда 50 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилганди. Бу банкнот ҳозирча миллий валютанинг энг йирик қийматдаги купюраси бўлиб қолмоқда.