Россия МСК: Комиссия ахборот-маълумот базасига 15 давлатдан киберҳужум бўлди

Россия МСК раиси Элла Памфилова

Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова комиссия ахборот-маълумот маркази DDoS киберҳужумига учрагани ҳақида баёнот берди.

Унинг айтишича, базага 15 та хорижий давлатдан ҳужум қилишган, аммо бу ҳужумлар қайтарилган. Россия МСК раҳбари бу ҳужумлар ортида Россия сайловига аралашишни истаган хорижий кучлар турганини иддао қилди.

Россияликлар 18 март куни президентлик сайловида овоз бермоқда.

Бу сайловда амалдаги президент, 65 яшар Владимир Путиндан ташқари 7 номзод иштирок этмоқда.

Булар Коммунистлар партиясидан номзод Павел Грудинин, журналист Ксенич Собчак, ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский, "Народний союз" иттифоқидан миллатчи-сиёсатчи Сергей Бабурин, "Коммунистическая партия коммунисты России" партиясидан номзод Максим Сурайкин, "Партия Роста" партиясидан номзод Борис Титов ва "Яблоко" партиясидан номзод Григорий Явлинскийлардир.

Россия Марказий Сайлов комиссиясининг маълум қилишича, Москва вақти билан соат 14:00га қадар овоз берувчиларнинг 35 фоиздан ортиғи овоз бериб бўлган.

Gallup сўров маркази 2017 йилнинг охирроғида ўтказган сўровда россияликларнинг 80 фоизга яқини Путин сиёсатини маъқуллашини билдирган.