Тошкент метросининг Ўзбекистон йўналишидаги “Беруний” станциясида 19 март куни кеч соат 7лар чамасида бир аёл ўзини поезд тагига ташлади.
“Газета.uz”нинг метрополитен расмийларига таяниб хабар беришича, аёл поезд тунелдан чиқаётган пайтда ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. У релслар орасига йиқилиб омон қолган.
Uznews.uz нашрининг ёзишича, 30-35 ёшлардаги аёлни релслар орасидан метро хавфсизлик хизмати ходимлари олиб чиққан ва касалхонага жўнатган. Аёл ҳеч қандай жиддий жароҳатлар олмаган ва айни пайтда касалхонада кўрикдан ўтказилмоқда.
Ички ишлар ходимлари аёлнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлмаган.
“У халат ва тапочкада бўлган. Биз билан гаплашишни истамаяпти. Унинг шахсини ҳозирча аниқлай олмадик”, деб билдирди метрополитен расмийлари.
Хабарда таъкидланишича, 2018 йил бошидан бери метрода бу каби ҳаракат иккинчи марта кузатилмоқда. Февраль ойида ҳам бир аёл оиласи билан жанжаллашиб қолиб, ўзини поезд остига ташламоқчи бўлган.
Метрополитен расмийлари бу каби ҳодисалар бир йилда икки-уч марта бўлиб туришини айтмоқда.