Қирғизистонда биринчи марта ёлғиз, бефарзанд ёки бева аёлларга маҳрамсиз Ҳажга боришга рухсат берилди.
Қирғизистон муфтиятининг Ҳаж ишлари бўйича бўлими бошлиғи Жўлдўш Абдилдаевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, бу иш катта ёшдаги аёлларнинг илтимоси билан амалга оширилди.
- Онахонларнинг илтимосига асосан биринчи марта Ҳаж зиёратига кетаётган турмушга чиқмаган, фарзандлари бўлмаган ёки бева аёлларнинг йигирма нафарга яқинига маҳрамсиз Ҳажга боришга рухсат берилди. Бу шартларга тўғри келмаган бирорта бошқа аёлга рухсат берилгани йўқ,- деди Жўлдўш Абдилдаев.
Ислом динида қабул қилинган тартиб-қоидага асосан аёллар маҳрами кузатувида Ҳажга боришлари мумкин.
Жорий йилда Саудия Арабистони Ҳаж учун Қирғизистонга 5400 ўрин берган. Бу ўтган йилгига қараганда 640 ўринга кўпдир. Қирғизистондан Ҳажга бориш нархи 2890 доллар қилиб белгиланди.
Жорий йилда Ҳаж мавсуми август ойида бошланади. Зиёратчиларни Ҳажга жўнатиш ишлари июль ойида бошланади.