Собиқ СССР ва Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Абдураҳмонова вафот этди

Дилбар Абдураҳмонова Ўзбекистондаги илк дирижёр аёл эди. Сурат Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта академик театрининг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

Ўзбекистондаги энг биринчи дирижёр аёл, СССР ва Ўзбекистон халқ артисти, “Ер сайёрасининг XXI аср фуқароси” мақоми соҳибаси Дилбар Абдураҳмонова 20 март куни 82 ёшга тўлиш арафасида вафот этди.

“Газета уз” нашрининг ёзишича, Дилбар Абдураҳмонова 1936 йилнинг 1 майида Москва шаҳрида Москва консерваторияси талабалари Ғулом Абдураҳмонов ва Зуҳра Файзиева оиласида туғилган. Унга исмни Туркистон Республикасининг биринчи xалқ ҳофизи, Ўзбекистон xалқ артисти Муҳитдин Қориёқубов қўйган.

1939 йилда ота –онаси билан Тошкентга келган Дилбар Абдураҳмонова мусиқа мактабида, 1955 йилда эса Тошкент консерваториясида таълим олди. 1957 йилда ўзбек замонавий мусиқа санъати асосчиларидан бири бўлган композитор, СССР халқ артисти Мухтар Ашрафий Консерваториянинг учинчи курс талабаси бўлган Дилбар Абдураҳмоновага Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрида биринчи марта дирижёрликни ишониб топширади.

1969 йилда Дилбар Абдурахмонова Ўзбекистон халқ артисти, 1977 йилда эса СССР халқ артисти унвонларига сазовор бўлди.

Дилбар Абдурахмонова Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрининг бош дирижёри сифатида 64та спектаклни саҳналаштирди.

2016 йилда Греция фалсафа академияси Дилбар Абдурахмоновага “Ер сайёрасининг XXI аср фуқароси” мақомини берган.