Россия ҳукуматининг Федерал хавфсизлик хизматига шифр калитини тақдим этишдан бош тортаётгани учун Telegram мессенжерини тўсиб қўйиш таҳдидлари самара бермайди. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров маълум қилди. Унга кўра, Telegram шахсий ҳаёт эркинлиги ва даҳлсизлигини ҳимоя қилишда давом этади.
20 март куни Россия Олий суди Telegramнинг Федерал хавфсизлик хизматига нисбатан даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортган эди.
Мессенжер вакиллари махсус хизматларнинг фойдаланаувчилар ёзишмалари шифри калитини тақдим этиш тўғрисидаги талаби Россия Конституциясига зид келишини билдирмоқда. Бироқ Федерал хавфсизлик хизмати мессенжер фойдаланувчиларининг ёзишмалари қонун томонидан ҳимоя қилинадиган ахборот эмаслигини айтмоқда.
Олий суд даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортганидан сўнг Роскомнадзор Telegram раҳбариятига Федерал хавфсизлик хизмати буйруғини бажариш талаб қилинган расмий мактуб жўнатди. Бунинг учун Telegram 15 кунлик муҳлатга эга бўлди. Мазкур муҳлат якунланганидан сўнг Роскомнадзор Telegram мессенжерини блоклаш илтимоси билан судга мурожаат қилиши мумкин.