ЕИ лидерлари собиқ жосуснинг заҳарланиши ортида Россия турибди деган қарорни тасдиқлади

Европа Кенгаши президенти Дональд Туск.

Европа Кенгаши президенти Дональд Туск иттифоқ лидерлари Брюсселда ўтган саммитда Лондонда собиқ жосус Скрипальнинг заҳарланиши ортида Россия тургани эҳтимоли кўпроқ, деган ягона фикрга келганларини маълум қилди.

22 март куни Дональд Туск ўзининг твиттер саҳифасида иттифоққа аъзо 28 давлат раҳбари “Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланганини мантиқан тушуниш учун бошқа ишончлироқ изоҳ йўқ”, деган қарорга келганларини ёзди.

Аввалроқ Дональд Туск журналистларнинг 18 март кунги президентлик сайловида ғалаба қозониб, 4-муҳлат президентликда қолган Владимир Путинга нега расмий табрик жўнатмагани тўғрисидаги саволига жавоб берар экан:

-Солсберидаги ҳужумдан сўнг мен президент Путиннинг қайта сайланганини байрам қилиш ниятида эмасман,- деб жавоб берган эди.

22 март куни Британия бош вазири Тереза Мэй Скрипальнинг заҳарланишини “Россиянинг Европага қарши агрессиясининг бир қисми”, деб баҳолади.

Разведка бош бошқармаси собиқ полковниги бўлган 66 ёшдаги Скрипаль ва унинг 33 ёшдаги қизи 4 март куни Лондондаги Солсбери савдо маркази олдида беҳуш ҳолатда топилган эди. Улар Совет Иттифоқида ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқилган “Новичок” деб аталувчи асабни фалаж қилувчи газдан заҳарлангани аниқланган.

2004 йилнинг декабрида Скрипаль Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган ва 2006 йил августида суд ҳукми билан 13 йилга қамалган эди.

2010 йилда Россия у авф этилган, кейинроқ АҚШда қўлга олинган Россия разведкаси ходимларига алмаштирилган.