Тошкент шаҳар, Олмазор туман, Бешқўрғон МФЙда истиқомат қилувчи оиланинг вояга етмаган 3 фарзанди кетма-кет вафот этгани бўйича очилган жиноят иши бўйича тергов ишлари якунланиб, судга оширилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқуловга таяниб, kun.uz хабар қилди.
“Ушбу жиноят иши бўйича тергов жараёни тугаган ва судга оширилган. Уни суд кўриб чиқмоқда”, - деган шаҳар прокурори.
Шерзод Облоқулов, шунингдек суд ҳукми чиқиб, кучга кирмагунча бошқа изоҳ бера олмаслигини билдирган.
Тошкент шаҳар, Олмазор туман, Бешқўрғон мавзеи (Тансиқбоев-3)да яшовчи оиланинг 7,6,4 яшар қизлари заҳарланишдан вафот этгани ҳақда 11 ноябрь куни биринчи бўлиб Озодлик хабар қилган эди.
Тошкент прокуратураси расмийси Бобур Деҳқонов ноябрь ойида бирин- кетин вафот этган уч опа-сингил ўлими юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси хулосасини эълон қилган.
UzNews нашрининг хабар беришича, Деҳқонов экспертиза қизлар артериал қон босимини пасайтириб юборувчи дори истеъмол қилгани оқибатида организмнинг интоксикацияси ва юрак-қон томир етишмовчилиги юзага келганидан вафот этганларини тасдиқлаганини билдирган.
7 яшар Муниса, 6 яшар Мухлиса ва 4 яшар Моҳира 8 ноябрь кечаси ва 9 ноябрь куни эрталаб бир неча соатнинг ичида кетма-кет вафот этган.