Трамп 20 нафар рус дипломатини бадарға қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиши мумкин

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Британияда собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши ортидан Вашингтондан Россиянинг 20 нафар дипломатини бадарға қилиши мумкин.

CNN телеканали ва Reuters агентликларининг билдиришича, президент бу борадаги якуний қарорни 26 март куни қабул қилиши кутилаётир.

АҚШнинг қандай қарор қабул қилиши Европадаги иттифоқчиларининг ҳаракатларига боғлиқ бўлади. Европа Иттифоқи давлатлари Россия дипломатларини ўз пойтахтларидан бадарға қилиш масаласини кўриб чиқаётганини билдирган эди.

Аввалроқ Британия 23 нафар рус дипломатини мамлакатдан чиқарган эди. Бунга жавобан Россия Москвадан 23 нафар британ дипломатини бадарға қилган.

Россия разведкасининг собиқ ходими Скрипаль ва унинг қизи 4 март куни Лондондаги Солсбери савдо марказида бехуш топилган эди. Улар шу кунгача касалхонада оғир аҳволда қолмқода.

Британия расмийлари Скрипаль ва қизи Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган асабни фалаж қилувчи “Новичок” гази воситасида заҳарланганини ва бунинг ортида Россия тургани эҳтимоли кучли эканини билдирган.

2004 йилда Москвада Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган ва судланган Сергей Скрипаль 2010 йилда АҚШда қўлга олинган рус разведкачиларига алмаштирилган эди.