Туркманистон давлат телеканаллари парламент сайлови қандай ўтаётгани тўғрисидаги репортажларни овоз бериш кунидан икки ҳафта олдин тайёрлаган ва 25 март куни сайловдан репортаж сифатида тақдим этиб, эфирга узатган.
Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати Дашўгуз вилоятидаги манбаларига таяниб хабар берди.
“Бюджет тармоғида ишлаганларни бир жойга йиғиб, сайлов участкасида овоз беришаяпти, деб видеога олишди. Бундан ташқари “Овоз беришда фуқароларнинг фалонча фоизи иштирок этди”, деб ҳам айтишди”, деди воқеа гувоҳларидан бири.
Туркманистон марказий сайлов комиссияси бу маълумотни тасдиқламади.
Аввалроқ Озодлик радиоси туркман хизмати сайловчилар ўз сайлов округидан депутатликка кўрсатилган номзодларни танимасликлари, шунинг учун кўпчилик сайловга бормаслигини айтаётгани тўғрисида хабар берган эди.
Туркманистон матбуоти эса “сайловчилар номзодлар билан қизғин учрашувларни ўтказаётгани” тўғрисидаги маълумотларни берган.
Марказий сайлов комиссиясига кўра, 25 март куни ўтган сайловда сайловчиларнинг 91,7 фоизи иштирок этган.
Парламентга номзоди кўрсатилган 284 номзод орасида амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ягона ўғли - 36 яшар Сердар Бердимуҳамедов ҳам бор.
Ахал вилоятидаги ўрин учун курашаётган Сердар Бердимуҳамедовнинг осонгина ғолиб бўлиши кутилаётгани хабар қилинган эди.
Марказий сайлов комиссияси овоз беришнинг дастлабки натижаларини эълон қилиши кутилмоқда.