Ижтимоий тармоқда милиция ходимларини ҳақорат қилган фойдаланувчилар жазоланади, жумладан, жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.
Podrobno.uz нашрининг билдиришича, бу ҳақда 26 март куни ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев Яккасарой тумани аҳолиси билан учрашув пайтида маълум қилди.
Унга кўра, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда милиция ходимларини ҳақорат қилувчи ёзувларни қолдираётган шахслар пайдо бўлган.
"Агар кимдир мени ҳеч ким топа олмайди, шунинг учун ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилса, тухмат қилса бўлаверади, деб ўйлаётган бўлса қаттиқ янглишади. Аввал бу йўналишда фойдаланувчилар маъмурий ва ҳатто жиноий жазога тортилган тадбирлар ўтказилган”, - деб билдирди Рустам Жўраев.
Генерал-майор ўз сўзида бугунги кунда жазога тортилган бир қатор фойдаланувчилар ҳақида ҳам маълумот берди.
Унга кўра, Сурхандарё вилоятидан бўлган 24 ёшли йигит Тошкент ИИБ ходими ор-номусини ҳақорат қилгани учун қўлга олинган. Шайхонтохур суди уни 1 миллион 700 минг сўм жаримага тортган.
Жўраев милицияни ҳақорат қилгани учун жорий йил февраль ойида бир аёл ҳам маъмурий жавобгарликка тортилганини айтди.