Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича судида 26 март куни журналист Бобомурод Абдуллаев, блоггер Ҳаётхон Насритдинов ҳамда икки тадбиркор Равшан Салаев ҳамда Шавкатжон Оллоёровлар устидан маҳкама давом этди.
Мазкур жараёнда журналист Бобомурод Абдуллаев бир ярим соат давомида кўрсатма бериб, ўзига нисбатан бўлган қийноқларни тасвирлаб берган. Журналистга кўра, "терговчилар унга айбини бўйнига олмаса, 70 ёшли онасини кўз ўнгида зўрлашларини" айтган.
Бундан ташқари Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан мақолалар ёзгани, бироқ МХХ айблаётгани каби Ўзбекистон Халқ ҳаракатига алоқаси йўқлиги ва ҳеч қачон Туркияда яшаётган мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳга материал тўплашда ёрдам бермаганини айтган.
Судда иштирок этган ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқуловага кўра, Абдуллаев МХХ терговчиси Нодир Муҳитдинов тергов давомида ўзи билиб билмай муҳим сирларни унга ошкор этиб қўйгани ҳақида ҳам гапирган.
Судда кузатувчи бўлган Марказий Осиё бўйича москвалик эксперт Аркадий Дубнов жараёнда 60 одам қатнашгани, судга кириш учун ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаганини билдирди. Суд залида судланувчиларнинг қариндошлари, ҳуқуқ фаоллари, халқаро кузатувчилар, мустақил журналистлар бўлган.
Мазкур суд жараёни 7 март куни бошланган ва ўшанда ҳакам қийноқ қўлланилгани тўғрисидаги баёнот ортидан Абдуллаевга нисбатан суд –тиббий экспертизаси ўтказилишини тайинлаган эди. 15 март кунги мажлисда экспертиза хулосаси қийноқлар қўлланилганини тасдиқламагани эълон қилинган эди.