НАТО етти нафар Россия дипломатини ҳайдашга қарор қилди

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг россиялик собиқ жосуснинг Британия ҳудудида заҳарланишига норозилик тариқасида Россиянинг ҳарбий иттифоқдаги миссиясида ишловчи 7 нафар расмийни чиқариб юборишини билдирди.

Ота-бола Скрипалларнинг нерв газидан заҳарланишини “халқаро нормаларга қарши уюштирилган шавқатсиз ҳужум” дея баҳолаган Столтенберг¸ 27 март куни Россиянинг НАТОдаги миссияси вакиллари сонининг 20 нафарга туширилгани¸ Россия ваколатхонаси уч вакилига аккредитация бериш сўрови рад қилинганини ҳам билдирди.

НАТОнинг мазкур қарори арафасида 22 давлат 4 март кунги ҳужумга норозилик тариқасида камида 116 нафар Россия дипломатини ўз ҳудудидан чиқариб юборишга қарор қилди.

Лондон ҳукумати Россия жосусларининг оммавий тарзда ҳайдалишини халақаро муносабатлардаги “бурилиш нуқтаси” деб атади.

Москва бундай оммавий ҳаракат учун тегишли жазо берилажаги билан пўписа қилмоқда.