Ҳайит байрамлари Қозоғистон билан бир кунда нишонланади

Тошкентдаги Минор масжидида таровеҳ намози ўқилаётган пайтда олинган сурат.

Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмон диний байрамларини бир кунда нишонлаш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Kazinform агентлигининг 27 март куни билдиришича, меморандум Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси Усмонхон ҳожи Алимовнинг Қозоғистон муфтийси Серикбой ҳожи Ўроз билан Тошкентда ўтган учрашуви чоғида қабул қилинган.

Меморандумда “Томонлар диний байрамлар (рамазон ва қурбон ҳайитлари ва бошқ.)ни ҳижрий-қамарий йил, яъни мусулмонларнинг Ой тақвими бўйича нишонлашга, шунингдек, замонавий диний масалалар бўйича умумий қарорлар ва фатволар қабул қилишга мажбур эканликларини қайд этишди”, деб таъкидланади.

“Кун уз” нашрининг ёзишича, Қозоғистон муфтийси Серикбой ҳожи Ўроз: “Бунгача диний байрамлар саналарига доир фарқланишлар кузатилиб турилар эди. Биз бундан кейин бундай нуқсонларга йўл қўймаслик учун ўзаро ҳамкорлик ва шериклик ҳақидаги меморандумни имзоладик. Имзоланган меморандум доирасида умумий фатволар чиқарилади ва бугунги куннинг долзарб масалалари бўйича қарорлар биргаликда қабул қилинади”, деб айтган.