Россия ўз дипломатларини бадарға қилган давлатларга жавоб чораларини кўради

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 27 март куни АҚШ, Канада, Австралия ва Европа Иттифоқининг қатор давлатлари рус дипломатларини чиқарганига Москва жавоб қайтаришини билдирди.

- Биз бунга жавоб қайтарамиз, ишончингиз комил бўлсин. Чунки ҳеч ким бу каби сурбетликка тоқат қила олмайди, биз ҳам тоқат қилмаймиз, -деди Лавров.

22 давлат 4 март куни Лондонда собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланганига норозилик тариқасида камида 116 нафар Россия дипломатини ўз ҳудудидан чиқариб юборишга қарор қилган эди.

Аввалроқ Британия 23 нафар рус дипломатини мамлакатдан чиқарган эди. Бунга жавобан Россия Москвадан 23 нафар британ дипломатини бадарға қилган.

Россия разведкасининг собиқ ходими Скрипаль ва унинг қизи 4 март куни Лондондаги Солсбери савдо марказида бехуш топилган эди. Улар шу кунгача касалхонада оғир аҳволда қолмқода.

Британия расмийлари Скрипаль ва қизи Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган асабни фалаж қилувчи “Новичок” гази воситасида заҳарланганини ва бунинг ортида Россия тургани эҳтимоли кучли эканини билдирган.

2004 йилда Москвада Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган ва судланган Сергей Скрипаль 2010 йилда АҚШда қўлга олинган рус разведкачиларига алмаштирилган эди.