Туркияда яшаётган “Ўзбекистон халқ ҳаракати” лидери Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев иши юзасидан судга кўрсатма беришга тайёр. Бу ҳақда маҳкаманинг 28 март куни ўтган йиғилишида Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров маълум қилди.
Судда бевосита қатнашган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга кўра¸ айблов хулосасида Абдуллаев конституциявий тузумга тажовуз ва ҳукуматни ағдаришга уриниш каби жиноятларни бевосита Муҳаммад Солиҳ кўрсатмаси билан амалга оширганини иддао қилинган.
“Суд жараёни интернетда кенг муҳокама қилинаётгани учун менга Абдуллаевнинг адвокати сифатида бевосита Муҳаммад Солиҳ тергов иддао қилаётган айбловларга Абдуллаев алоқадор эмаслиги тўғрисидаги баёнот билан мурожаат қилди”, деган жумладан суд мажлисида Сергей Майоров.
Адвокат, шунингдек, Муҳаммад Солиҳ Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида чоп этилган “Ислом Каримовнинг "табиий ўлими"ни қандай уюштиришди”, “Саримойдаги фожеа ҳақида ҳақиқат”, “Ислом Каримов умрбод ҳокимиятда қолишга қарор қилди” каби мақолалар муаллифи Бобомурод Абдуллаев эмаслигини айтганини таъкидлаган.
Муҳаммад Солиҳ судга Telegram, Viber, Imo, Skype ва суд танлаган бошқа воситалар орқали гувоҳ сифатида кўрсатма беришга тайёрлигини айтган.
Майоров Солиҳнинг хатини суд материалларига қўшиш ва уни Ўзбекистоннинг Туркиядаги консулхонаси иштирокида гувоҳ сифатида сўроқ қилиш илтимосини билдирган¸ бошқа адвокатлар, прокурор ва Бобомурод Абдуллаев бу илтимосни қўллаган.
Бироқ судья Зафар Нурматов бу илтимосни қаноатлантирмади ва Муҳаммад Солиҳни гувоҳ сифатида судга жалб қилишга ҳозирча эҳтиёж йўқлигини билдирди.