Скрипалларнинг ўз уйи кириш эшигида заҳарлангани тахмин қилинмоқда

Скрипаль ва унинг қизи заҳарланган жойни текшираётган полициячилар.

Британия полицияси 28 март куни собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи ўз хонадони остонасида асабни фалаж қилувчи газдан заҳарланган бўлиши мумкин, деган тахминни билдирди. Бу борадаги маълумотда айтилишича, Скрипаль яшаган уйнинг эшигида асаб газининг энг кучли концентрацияси аниқланган.

Скрипаль ва қизи заҳарлангани ортидан Лондоннинг Москва билан алоқалари кескинлашди. Британия Скрипалнинг Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган асабни фалаж қилувчи газ билан заҳарланишига ягона жавобгар томон Россия эканини айтиб келмоқда.

Британия воқеа ортидан 23 нафар рус дипломатини мамлакатдан бадарға қилди. Британия билан бирдамлик рамзи сифатида 27 Ғарб давлати 130 нафар рус дипломатини ҳам ўз мамлакатларидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди.

Россия президенти Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков 28 март куни Кремль бу давлатларга нисбатан жавоб чораларини қўллашини айтди:

- Жавоб чораларини, албатта, кутаверсинлар. Бу чоралар ўз вақтида ва Россия манфаатларига жавоб бера оладиган тарзда эълон қилинади,-деди Песков.