Польша 28 март куни АҚШ билан Patriot ракетадан мудофаа тизимини сотиб олиш бўйича 4 миллиард 750 миллион долларлик шартномани имзолади.
- Бугун биз Польшани жаҳонда мавжуд бўлган ўрта радиус доирасидаги энг замонавий ракетадан мудофаа тизими билан жиҳозлашни бошладик. Энг муҳими, бу тизимнинг самарадорлиги жангларда исботланган,- деди Польша президенти Анжей Дуда шартномани имзолаш тантанасида.
Польша мазкур мудофаа тизимини Россия агрессиясидан ҳимояланиш имкониятларини кенгайтириш доирасида сотиб олаётганини билдирган.
Patriot тизими НАТО ва АҚШ ҳарбийлари Польшада қўллаётган технологияларга мувофиқ келади. Ракетадан мудофаа тизими Польшага 2022 йилда ўрнатилади ва 2023 йилдан ишга туширилади.
Руминия ҳам ўтган йили Patriot тизимини сотиб олиш бўйича АҚШ билан 3 миллиард 900 миллион долларлик шартномани имзолаган эди.