Москва АҚШнинг Петербургдаги консулхонаси ёпилишини ҳамда Қўшма Штатларнинг 60 дипломати Россиядан чиқарилишини маълум қилди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 29 март куни:
- Қолган давлатларга келсак, ҳар бир давлат қанча дипломатимизни бадарға қилган бўлса, уларнинг элчихоналаридан шунча одам Россияни тарк этади, -деб билдирди.
Британия ҳукумати собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи асабни фалаж қилувчи газдан заҳарланишига Россия масъул эканини билдирган. Шундан сўнг Британия 23 нафар рус дипломатини бадарға қилган.
Британия билан бирдамлик рамзи сифатида ғарбнинг 30га яқин давлати 150 нафар рус дипломатларини ўз мамлакатларидан чиқарган эдилар. Жумладан, АҚШ 60 нафар россиялик дипломатни бадарға қилган ва Россиянинг бир консулхонасини ёпган.
Россия разведкасининг собиқ ходими Скрипаль ва унинг қизи 4 март куни Лондондаги Солсбери савдо марказида бехуш топилган эди. Улар шу кунгача касалхонада оғир аҳволда қолмқода.
Британия расмийлари Скрипаль ва қизи Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган асабни фалаж қилувчи “Новичок” гази воситасида заҳарланганини ва бунинг ортида Россия тургани эҳтимоли кучли эканини билдирган.
2004 йилда Москвада Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган ва судланган Сергей Скрипаль 2010 йилда АҚШда қўлга олинган рус разведкачиларига алмаштирилган эди.