АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Хизер Нойерт 29 март куни Москва Россиядан 60 нафар америкалик дипломатни бадарға қилаётганига Вашингтон нуқтаи назарини билдирар экан:“Россия ўзини жабрдийда сифатида тақдим этмаслиги лозим”, деб айтди.
Унга кўра, Британияда касалхонада ётган Скрипаль ва унинг қизи, уларни қутқариш учун кимёвий қурол ишлатилган ҳудудга киришга мажбур бўлган шифокорлар ва полициячилар ҳақиқий жабрдийдалардир. Хизер Нойертнинг айтишича, бу одамлар яна узоқ вақт тиббий назорат остида бўлишга мажбурлар.
Давлат департаменти расмийси ўз чиқишида АҚШнинг Россиядаги элчисидан олинган мактубни ҳам ўқиб эшиттирди. Мактубда элчи Москва ўзаро манфаатли бўлган мулоқот ўтказишдан манфаатдор эмаслиги қайд этилган.
АҚШ Россиядан америкалик дипломатларни бадарға қилаётгани муносабати билан Москвага қарши қўшимча жавоб чоралари қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолмоқда.
Хизер Нойерт Кремлнинг Лондонда Скрипаль ва унинг қизи заҳарланишига алоқадор эмаслиги тўғрисидаги баёнотини ёлғон маълумот сифатида баҳолади. Хизер Нойерт Москва “дипломатик изоляция”га қараб кетаётганини айтди.