Собиқ жосус заҳарланиши ортидан АҚШдан чиқарилган дипломатлар Россияга борди

Буюк Британияда собиқ рус жосуси заҳарланиши ортидан АҚШдан чиқариб юборилган рус дипломатларини олган икки самолёт Россияга етиб борди.

TASS агентлигининг хабар қилишича, Вашингтондаги элчихонада ишлаган 46 киши ва уларнинг оиласи 1 апрель куни Внуково аэропортига келиб тушган. Россиянинг БМТда ва Сиэтлдаги консуллигида ишлаган яна 14 ходим ҳам шу куни Москвага етиб борди.

АҚШ томони собиқ жосус заҳарланиши ортидан мамлакатдаги 60 га яқин рус дипломатини чиқариб юбориш ва Сиэтлдаги бош консулликни ёпишга қарор қилди.

Собиқ рус жоусуси Сергей Скрипаль ва унинг қизи шу йилнинг 4 мартида Буюк Британияда нервга таъсир қилувчи "новичек" гази билан заҳарланган эди.

Россия бу заҳарланиш ортида турганига оид даъволарни инкор қилиб, АҚШ томонига жавобан, 60 америкалик дипломатни чиқариб юбориш ва Санкт-Петербургдаги консулликни ёпишга қарор қилди.

Ҳозирга қадар Британияга хайрихоҳлик билдирган 29 давлат жами 150 атрофидаги рус дипломатини чиқариб юборишга қарор қилган. Шунингдек, НАТО ҳам ўз идораларида ишлаётган 10 россиялик вакилини Бельгиядан чиқаришини билдирган.