Польша собиқ жосус Скрипалнинг Лондонда заҳарланиши Россия агрессив сиёсатни давом эттираётганидан даракдир, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда AFP агентлигига Польша ташқи ишлар вазири Яцек Чапутович билдирди.
-Биз ҳар доим Россия президенти Владимир Путиннингг ҳаракатларидан хавфсираганмиз ва биз ҳақ бўлиб чиқдик. Грузияга қилинган агрессия, Украинага қилинган агрессия, Қримнинг аннекция қилиниши, Донбасдаги воқеалар, Сурияда Россиянинг президент Башар Ассадни қўллаётгани бунга далилдир. Сергей Скрипални ўлдиришга ҳаракат қилингани эса Россия агрессив сиёсатининг давомидир, - деди Яцек Чапутович.
Польша 28 март куни АҚШ билан Patriot ракетадан мудофаа тизимини сотиб олиш бўйича 4 миллиард 750 миллион долларлик шартномани имзолаган эди.
Польша мазкур мудофаа тизимини Россия агрессиясидан ҳимояланиш имкониятларини кенгайтириш доирасида сотиб олаётганини билдирган.
Patriot тизими НАТО ва АҚШ ҳарбийлари Польшада қўллаётган технологияларга мувофиқ келади. Ракетадан мудофаа тизими Польшага 2022 йилда ўрнатилади ва 2023 йилдан ишга туширилади.