Россия АҚШ ва Британияни "ёлғон маълумот тарқатганлик"да айблади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ ва Британияни Лондонда собиқ жосус Сергей Скрипалнинг заҳарланиши масаласида “ёлғон, нотўғри ахборотларни” тарқатишда айблади.

- Россия Скрипалнинг заҳарланишига алоқадор эмас. Лекин биз, аниқ ишонаманки, бошқаларга қараганда ўз фуқароларимиз тақдири тўғрисидаги ҳақиқатни билишдан жуда манфаатдормиз. Мен шу кунгача фуқароларимиз олдига консулни киритиш тўғрисидаги кўплаб талабларимиз инобатга олинмаётганини қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, деб ҳисоблайман,-деди Лавров.

2 апрель кунги баёнотида вазир Москава ҳамда Ғарб ўртасидаги муносабатлар “совуқ уруш” давридагидан ҳам ёмонлашганини таъкидлади.

Собиқ рус жоусуси Сергей Скрипаль ва унинг қизи шу йилнинг 4 мартида Буюк Британияда СССРда ишлаб чиқарилган асабни фалаж қилувчи "Новичек" гази билан заҳарланган эди.

Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ мазкур воқеа ортида Россия тургани эҳтимоли кўпроқ, деган таҳминни олға сурмоқда.

Британия фойдасига жосуслиқ қилганликда айбланиб 2004 йилда Москвада қўлга олинган Скрипаль 2010 йилда АҚШда ушланган рус жосусларига алмаштирилган эди.