Украина 23 нафар рус фуқаросини сиёсий мотивлар билан Россияда судланган украинларга алмаштиришга тайёр. Бу ҳақда Украина парламенти вице-спикери Ирина Геращенко 4 апрель куни "112 Украина"телеканалига берган интервьюсида билдирди.
Унга кўра, алмаштириладиган Россия фуқаролари Донбассдаги айримачилар сафларида жанг қилгани учун қўлга олинган. Улар Украина ҳудудий яҳлитлигига таҳдид қилганликда айбланмоқдалар.
Ирина Геращенко улар режиссёр Олег Сенцов ва қримлик фаол Александра Кольченкога алмаштирилишига умид қилаётганини айтди.
Россия махсус хизматлари кинорежиссёр Олег Сенцов ва Александр Кольченкони 2014 йилнниг май ойида Қримда қўлга олган эди. Улар Россия томонидан Қримда террор ҳаракатларни режалаштирганликда айбланмоқда.
2015 йилда Ростов суди Сенцовни 20 йилга, Кольченкони 10 йилга озодликдан маҳрум қилган. Судланганлар ўз айбларини тан олмаганлар.
Сенцов ва Кольченко Россиядаги "Мемориал" ҳуқуқ ташкилоти томонидан сиёсий маҳбуслар сифатида тан олинган. Россия ҳукумати эса бу икки шахсни “экстремистлар ва террорчилар” рўйхатига киритган.