Ставрополдаги автоҳалокатда зоминлик тўрт йигит нобуд бўлди

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эълон қилган хабарга кўра¸ 4 апрель кечқурун Россия Федерациясининг Ставрополь ўлкасида содир бўлган автоҳалокат оқибатида яна тўрт ўзбекистонлик нобуд бўлди.

ВАЗ-2101 русумли енгил автомашинанинг Isuzu русумли юк машинаси билан тўқнашуви оқибатида ўлганларнинг тўрталаси ҳам Жиззах вилоятининг Зомин туманидан борган муҳожирлардир.

Ставрополь-Новоалександровск автомобил ҳалокатида ўлган ўзбекистонликлар шахси ҳам очиқланди.

Вазирлик вафот этганларнинг 1983 йилда туғилган Шуҳрат Жумақулов¸ 1991 йилда туғилган Миржалол Тоғаев¸ 1995 йилда туғилган Муҳритдин Қаршиев ва 1988 йилда туғилган Баҳром Юнусов эканини билдирди.

Ҳозирча жасадларнинг Изобил шаҳар округи марказий касалхонасида экани айтилган расмий хабарда¸ уларни Ўзбекистонга олиб келиш жараëнига оид маълумот берилмаган.

Вазирлик таъкидича¸ бу воқеа юзасидан “Тезкор рақамлар” очилган ва тафсилотларни аниқлаштирмоқчи бўлганлар унга ( (+998 71) 147-10-50) боғланишлари мумкин.