Тошкент ва вилоятларда ёзувчилар учун уйлар қурилади

Ёзувчилар уюшмасининг "Дўрмон" ижод уйи.

Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун Тошкент шаҳрида имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали кўп қаватли уй қурилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни имзолаган "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда кўрсатма берилди.

Қарорда Қорақалпоғистон ҳамда вилоятларда ҳокимликлар томонидан 2018-2021 йилларда ҳудудларда яшаётган у-жойга муҳтож Уюшма аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар ажратиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш белгилаб берилган.

Бундан ташқари Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимликларига Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда “Дўрмон” ижод уйи ҳамда янги бунёд этилаётган “Паркент” ва “Зомин” ижод уйларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш буйруғи берилди.

Ёзувчилар уюшмаси қошида“Ижод” жамоат фонди ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, қарорга асосан Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган ижод мактаблари ўқув дастури такомиллаштирилади.