Ўшда ишлаётган ўзбекистонликлар иш рухсатномаси олиш йўлида сарсон бўлмоқда

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўшда ишлашга рухсатномаси йўқлиги туфайли жаримага тортилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳужжат расмийлаштириш тараддудидалар. Бироқ рухсатнома фақат пойтахт Бишкекда берилиши, сафар учун каттагина маблағ сарфлаш зарурлиги уларнинг бошини қотирган.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида тирикчилик қилаётган, бироқ ишлашга рухсатномаси бўлмаган ўзбекистонликлар милициянинг 10-бўлими ходимлари томонидан ушлаб кетилиб, 10 минг қирғиз сўми ёки тақрибан 150 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилмоқда. Масалан, Ўшдаги емакхоналардан бирининг эгаси Мадазим Усмоновнинг айтишича, 29 март куни хотинининг жиянини милиция ходимлари ноқонуний ишлаётганини айтиб, олиб кетишган:

- Менинг қайнонам оғриқчан. Уни қараш учун жиянни чақирганмиз, келган. У қарайди, у бўлмаганида хотиним қарайди. [Шунақа пайтда] хотинимнинг ўрнига жияним чиқиб ишлайди. Шундай қилиб ишлаб юрибмиз. Жияним кассада турганида милициядан келиб, “Ўзбекистонлик ишлаябти, бунинг рухсатномаси борми?” деб сўраб қолди. “Йўқ, унинг пропискаси бор” десам, “йўқ, ишлашга рухсатнома керак”, деб олиб кетишди. Бориб акт, протокол ёзиб, ортидан қарор чиқариб, қисқаси 10 минг сўм штраф солиб қўйди. Бориб тўладим. Ишга рухсатномани ким беради, қандай йўллар билан берилади - билмаяпман, шу муаммо бўлаяпти. Эшитишимча, жуда қиммат экан, - деди Ўшдаги “Ойбек” мантихонаси соҳиби Мадазим Усмонов.

Ўшлик қизга уйланиб, шу ерда тирикчилик қилаётган наманганлик нонвой Баҳром ҳам 2017 йил бошида Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасида “меҳмон” бўлган. Унга ҳам тартиб посбонлари 10 минг сўм жарима солган. 2018 йил бошида эса такрор қўлга тушган Баҳромнинг иши судга оширилган.

- Судда ЗАГС қоғози, бошқа ҳамма ҳужжатларим борлигини кўриб, оқлаб чиқариб юборди. Кейин менга: “Сен ишлашга рухсатнома қилдириб ол”, дейишди, - деди Баҳром Мамажонов.

Суҳбатдошимиз ўтган йили жарима тўлаганидан кейин ишлашга рухсатнома олиш ҳаракатини бошлаган. Иккинчи бор ушланганидан сўнг ҳатто бунинг учун адвокат ёллаган. Бироқ, Баҳромнинг айтишича, у бир неча ойдан бери Ўшда туриб рухсатнома олишга эришолмаяпти.

- Ҳамма ҳужжатни топширдик, “Бишкек орқали бўлади” дейишаяпти, Ўшдан қилишнинг имкони бўлмаяпти, - деди наманганлик нонвой Баҳром Мамажонов.

Баҳром ва у кабиларга ёрдам бераётган адвокат Саида Собирова анча югур-югурдан сўнг ўзбекистонлик муҳожирларга ишлаш учун рухсатнома фақат пойтахт Бишкекдаги миграция хизмати томонидан берилишини аниқлаганини айтади. У ерга бориб келиш ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш учун тақрибан 500 доллар атрофида пул сарфланиши керак, бу эса муҳожирларга оғирлик қилади. Шу сабабли адвокат ўзбекистонликларга ишлаш учун рухсатнома берадиган бўлимларни Ўшда ҳам ташкил қилишни сўрайди.

- Ҳужжатларини олиб, тайёрлаб қўйганман. Бишкекка бориб келиш учун маблағ топишса, ўша ёққа бориб келишим керак. Лекин аслида Ўшда шу масалада ёрдам қилувчи ишхона ёки филиал очилганида, менимча, мақсадга мувофиқ бўлар эди, - деди адвокат Саида Собирова.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Давлат миграция хизматининг Ўш шаҳрида ҳам бўлими бор. Лекин бу бўлим муҳожирларга маълумот бериш билангина чекланади. Шу важдан Бишкекдаги Миграция хизматига қўнғироқ қилдик. Ўзини Миграция хизмати бош мутахасиси деб таништирган Қанат Сағинбаевнинг айтишича:

- Агарда улар “якка тартибдаги тадбиркор бўлиб ишлайман” деса, сайтимизда бунинг учун қандай ҳужжатлар кераклиги тўғрисида маълумотлар бор. Ўшаларни жамлаб бизга топширади, давлат божини тўлаб, рухсатномани олаверади. Агар муҳожирларни юридик шахс жалб қилса, унда ўша шахс ҳужжатларни йиғиб, ҳар бир одамга йилига 2 минг сўмдан тўлаб, ишлашга рухсат олади. Юридик шахсга одам ёллашга рухсат бериш учун ундан 4 минг сўм олинади. Шундан сўнг ҳар бир одамга ишга рухсат учун 2 минг сўмдан тўланади. Якка тартибдаги тадбиркор бўлса, 20 минг сўм тўлайди ва қўшимча уч ой олдиндан пул тўлаб, патент олиши керак бўлади. Рухсатнома шу патент асосида берилади, - деди Қанат Сағинбаев.

Сағинбаевга кўра, муҳожирлар ҳужжатларни Миграция хизмати сайтида электрон шаклда ҳам тўлдириб, топшириши мумкин. Сайтда ҳужжат қабул қилиш ва кўриб чиқиш бепул амалга оширилиши, рухсатнома учун пул фақат рухсатнома берилганидан сўнг тўланиши айтилган.

Ишлаш учун рухсатномага талаб қилинувчи ва бошқа керакли ҳужжатларни Миграция хизмати сайтининг “Давлат хизматлари” бўлими ичидаги “Ишлаш учун рухсат” бўлимчасидан кўчириб олиш мумкин.