Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари ўзбек чегарачиси томонидан қирғиз фуқароси отиб ўлдирилгани воқеасини 9 апрель куни муҳокама қилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар қилди.
Расмий маълумотда айтилишича, икки давлат бош вазирлари Абдулла Арипов ва Сапар Исаков 8 апрель куни телефон орқали бу воқеани ўзаро муҳокама қилганлар. Суҳбат давомида томонлар 9 апрель куни икки давлат чегара хизматлари ҳамда бошқа мутасадди маҳкамалар раҳбарлари даражасида учрашув ўтказишга келишиб олган.
“Қўшма ишчи гуруҳи ҳодисани батафсил ўрганиб, яқин вақтлар ичида натижаларини маълум қилади”, дейилади хабарда.
7 апрель куни Ўзбекистон чегарачиси отган ўқдан 34 яшар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган эди. Воқеа Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Аксу тумани Мамай қишлоғи ҳудудида содир бўлган.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати қирғизистонлик чегарани бузгани учун ўқ отилганини билдирган.