Халқаро шахмат федерацияси - ФИДЕ ўз президенти Кирсан Илюмжиновдан истеъфога кетишни талаб қилмоқда. Бу борадаги талабнома ФИДЕнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Талабномада Илюмжиновга нисбатан АҚШ Молия вазирлиги санкция жорий этгани муносабати билан ФИДЕ оғир молиявий қийинчиликларга учраётгани айтилади. Шунингдек, Илюмжиновнинг президентлиги “халқаро федерациянинг обрўсига путр еткизаётгани” ҳам таъкидланган.
Кирсан Илюмжиновни истеъфога чиқариш масаласи федерациянинг Минскда 7-8 апрелда ўтган президентлик кенгашида кўтарилган эди. Илюмжинов истеъфоси учун кенгашнинг 14 аъзоси овоз берган.
Аввалроқ Швейцариянинг UBS банки АҚШ Молия вазирлиги Кирсан Илюмжиновга санкция эълон қилгани муносабати билан ФИДЕнинг бапнк ҳисоблари музлатилишини билдирган эди.
АҚШ ҳукумати Илюмжиновни Сурия президенти Башар Ассадни қўллаб-қувватлаганликда айблаб, санкция жорий этган. Бироқ Илюмжинов АҚШ Молия вазирлигини ўз ор-номусини тўкканликда айблаб судга берган. Илюмжинов АҚШ Молия вазирлигидан 50 миллиард доллар товон пули ундириб берилишини талаб қилмоқда.
Кирсан Илюмжинов ФИДЕ президенти лавозимини 1995 йилдан бери эгаллаб келади. 2015 йилда АҚШ Молия вазирлиги унга нисбатан санкция жорий этгач, Илюмжиновнинг президентлик ваколатлари чеклаб қўйилган эди.