Президент Шавкат Мирзиёев суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни кучайтириш чора –тадбирлари қабул қилингани муносабати билан айрим қонунларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Мазкур қонунга асосан ҳибсга олинганларни қийноққа солиш, ҳақорат қилиш ва ноинсоний муносабатда бўлганлик учун белгиланган жазо чорлари кучайтирилди.
Қонунда қийноқ қўллагани аниқланганлар уч йилдан беш йилгача қамалиши ва лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши белгилаб берилди. Мансабдор шахс терговдаги одамга оғир тан жароҳатлари етказса, унда 7 йилдан 10 йилгача қамалиши мумкин.
Янги қонунда қийноққа солиш, туҳмат ёки ёлғон гувоҳлик бериш учун жазоланадиган мансабдор шахслар қамрови ҳам кенгайтирилган. Олдин бундай айблов фақат терговчилар, прокурорлар ва ички ишлар ходимларига билдирилган бўлса, бундан буён уларнинг қаторига тергов изолияторлари ходимлари ҳам киритилган.
Шунингдек, янги қонун “ёлғон чақимчилик” учун энг кам иш ҳаққининг 50 бараваридан 70 бараваригача “ёлғон гувоҳлик бериш” учун 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси беришни назарда тутган.