Журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан ўтказилаётган суд жараёнининг 9 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида, судья адвокатнинг МХХ ходимларини судга чақириш тўғрисидаги талабини қаноатлантирди.
Kun.uz нашрининг билдиришича, судья Зафар Нурматов 11 апрель куни давом этадиган жараёнга МХХ ходимлари Тимур Якубов, Нодир Тўрақулов, Нодир Муҳитдинов, Алексей Веселов ва М.Эргашевни жалб этиш бўйича ажрим чиқарди.
Бобомурод Абдуллаев иши бўйича терговга жорий йил 22 январида ҳибсга олинган МХХ собиқ терговчиси Нодир Тўрақулов раҳбарлик қилган эди. Тўрақулов билан бирга яна бир қатор ходимлар ҳам қамоққа олингани хабар қилинган эди.
Журналист Бобомурод Абдуллаев¸ блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси бўйича айбланмоқда.
Ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.
12та халқаро ташкилот Ўзбекистон ҳукуматидан Бобомурод Абдуллаев, Ҳаёт Насриддинов ва Акром Маликовни озод этишни талаб қилган эди.