Наманган вилояти Заркент қишлоғида Қирғизистон Чегара хизмати раиси полковник Уларбек Шаршеев ва Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари – чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзаев икки давлат ўртасида 7 апрель куни юз берган воқеани муҳокама қилди.
7 апрель куни Қирғизистоннинг Мамай қишлоғида ўзбек чегарачиси қирғиз фуқароси бўлган 34 ёшли Фарход Мирзаҳолиқовни отиб ўлдирган эди.
Учрашувда томонлар чегарачилар томонидан қурол қўлланилиши энг сўнгги чора экани, чегарани бехосдан бузиш ҳолати юз берганида, ҳарбий хизматчилар томонидан қурол қўлланиши қатъий тақиқланганини таъкидлашди.
Томонлар бу воқеани ҳар томонлама тергов қилиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳи ташкил этди.
Ишчи гуруҳи Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти бўйича ва Ўзбекистоннинг Шарқий йўналиш бўйича чегара вакиллари, чегара олдидаги туманлар ҳокимликлари, милиция, прокуратура ва кадастр хизматлари расмийларидан таркиб топди.
Хабарда айтилишича, апрель ойининг учинчи ўн кунлигида икки давлат чегарачилари кенгайтирилган йиғилиш ўтказади ва унда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.