Бишкекда ўнга яқин фаол Ўзбекистон элчихонаси олдида пикет ўтказиб, Тошкентдан қирғиз фуқаросини отган ўзбек чегарасиси ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилишини талаб қилди.Улар элчихонанинг консуллик хизматига президент Шавкат Мирзиёев номига ёзилган мактубни топширишди.
Мактубда ўзбек чегарачиснинг қирғиз фуқаросини отиб ўлдириши эндигина илиқлашиб бораётган Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларига путр етказиши мумкинлиги таъкидланади.
34 ёшли Қирғизистон фуқароси Фарход Мирзаҳолиқов 7 апрель куни ўзбек чегарачиси томонидан отиб ўлдирилган эди. Ахси тумани расмийлари ва Қирғизистон Омбудсмени институти ўзбек чегарачиси Фарход Мирзаҳолиқовни Қирғизистон ҳудудида отганини айтмоқдалар.
Ўзбекистон эса қирғиз фуқароси давлат чегарасини бузиб ўтган пайтда отилганини билдирган.
Наманган вилоятида ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари бу воқеани ҳар томонлама тергов қилиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳи ташкил этгани хабар қилинган.