Якка тартибдаги тадбиркорларга кўчма савдо ва таксичилик билан шуғулланишга рухсат берилди

Ўзбекистондаги такси.

Якка тартибдаги тадбиркорларга кўчма савдо, шахсий автомобилга эга бўлган шахсларга эса таксичилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди.

Бу борадаги меъёр президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган ​"Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек бизнес юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда белгилаб берилди.

Фармонда айтилишича, 2018 йил 1 июндан якка тартибдаги тадбиркорларга кўчма савдо билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг амал қилиш муддати 12 ой бўлади. Тадбирокр битта рухсатнома билан бир нечта жойда кўчма савдони амалга ошириши мумкин.

Енгил автомобилга эга бўлган жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор шаклида йўналишли такси сифатида йўловчиларни тижорат асосида ташиш ҳуқуқи берилмоқда.

Бундан ташқари фармонда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартириш, риэлторлик ташкилотлари учун устав капиталининг мажбурий миқдорига нисбатан қўйиладиган лицензион талабларни бекор қилиш ҳамда олдиндан тўлов олмаган ҳолда риэлторлик хизматларини кўрсатишга рухсат бериш назарда тутилмоқда.