Қозоғистоннинг Ақтўбў вилоятида 52 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган автобуснинг эгаси шу кунгача қидирилмоқда, у жиноят иши очилиши билан қочиб кетган. Бу ҳақда 11 апрель куни Қозоғистон бош прокуратурасига таянган ҳолда Podrobno.uz хабар берди.
Хабарда айтилишича, бош прокуратура ўзбекистонликларнинг ёниб кетиши бўйича очилган жиноят ишини тергов қилишни якунлаган. Айни пайтда иш айбланувчилар ва адвокатлар томонидан ўрганилмоқда.
“Улар ўзларининг айбдор эканларини тан олишмаяпти. Улар “Транспорт воситасидан фойдаланиш қоидасини икки ёки ундан ортиқ одамлар ўлимига сабаб бўлган даражада бузиш” моддаси билан айбланмоқда”,-деди прокуратура вакили Азамат Дюсембеков.
18 январь куни Самара-Чимкент йўлининг Ақтўбў вилояти Ирғиз туманидан ўтувчи қисмида автобус ёниб кетиши оқибатида уни ичида бўлган 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган эди. Ёнғиндан беш нафар одам, жумладан, ҳайдовчилар омон қолган.
5 январь куни Ақтўбў вилоят прокуратураси автобуснинг уч ҳайдовчиси қамоққа олинганини билдирган эди.