Ёрдамга муҳтож оналар ва ногирон аёлларга имтиёзли ипотека билан арзон уй-жойлар бериш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.
Адлия вазирлигининг Телеграм ижтимоий тармоғи орқали тарқатган хабарида айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 12 апрелдаги қарори билан, "оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби" тасдиқланган.
Қарорда айтилишича, муҳтож аёлларга 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган наъмунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилади.
Шунингдек, қарорда белгиланишича, агар аёлларнинг импотекани тўлашга маблағи бўлмаса ёки умуман, молиявий таъминоти йўқ бўлса, унинг ўрнига у ишлаётган ташкилот ёки "Маҳалла" хайрия жамғармаси ҳисобидан арзон уй учун пул ўтказилади.
Адлия вазирлиги эълон қилган қарорда шундай дейилади:
"I тоифага кирадиган туманларда – биттадан икки, уч қаватли уйларга хонадонлардан (2-3 хонали) ва бештагача ҳовлидаги иморатлари билан 0,02 гектарли ер участкаларида 2-3 хонали бир қаватли уй-жойлардан;
II тоифага кирадиган туманларда – иккитадан икки, уч қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали) ва саккизтача ҳовлидаги иморатлари билан 0,02 гектарли ер участкаларида 2-3 хонали бир қаватли уй-жойлардан;
I тоифага кирадиган шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида – олтитагача кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);
II тоифага кирадиган шаҳарларда – ўнтача кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);
ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўп қаватли арзон уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларидаги хонадонлар ажратилади.
Қарор билан уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун бериладиган арзон уй-жойлар тўловининг:
25 фоизи Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига (бошланғич бадал сифатида);
75 фоизи ипотека асосида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига молиялаштирилади;
Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун ажратиладиган имтиёзли кредитларни сўндириш:
талабгорнинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар;
талабгор кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва кредитни қоплашга лаёқати етарли бўлмаган тақдирда у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Маҳалла” ҳайрия фондининг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади".