Диний-маърифий сиёсат "Жаҳолатга қарши маърифат" ғояси асосида юритилади

Ўзбекистондаги масжидлардан бири.

Бузғунчи ёт мафкурага қарши курашда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси танлаб олинади. Бу ҳақда президентнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида маълум қилинди.

Фармонда таъкидланишича, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш каби вазифаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Фармонга мувофиқ Тошкент ислом университети негизида Халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Ислом академияси битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари Халқаро ислом академияси ҳузурида “Зиё” медиа маркази ҳам ташкил этилди.