Қирғизистондаги “Сапат” халқаро таълим тизими лицейлари фаолияти тўхтатилмайди. Бу ҳақда президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг Туркия ва Брюсселга қилган сафари якунларига бағишланган матбуот анжуманида президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Данияр Сидиков маълум қилди.
Унга кўра, “Сапат” тизимининг асосчилари Қирғизистон фуқароларидир ва уларни ёпиш учун ҳеч қандай асос мавжуд эмас. Данияр Сидиков “Сапат” лицейларида 11 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олаётганини ҳам билдирди.
Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 9-10 апрель кунлари Анқарага давлат ташрифи билан борган Қирғизистон раҳбари Сўўрўнбай Жээнбековни Бишкекдан бошпана топган гуланчиларга қарши курашга чақирган эди.
Қирғизистонда аваллари “Себат” деб аталган ва кейинроқ “Сапат” деб ўзгартирилган лицейлар Туркия 2016 йилнинг 15 июлида муваффақиятсиз тугаган давлат тўнтаришини уюштирганликда айблаётган уламо Фатҳулла Гуланга алоқадор экани айтиб келинган.
Бундан икки йил аввал Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Фатҳулло Гулан тарафдорларини мамлакатдан бадарға қилишга рози бўлмагани ортидан Анқара ва Бишкек муносабатларига совуқчилик оралаган эди.