Туркманистонда бундан буён ўттиз ёшга тўлмаган йигитларга хорижга чиқишга рухсат берилмайди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.
Исми айтилмаган манбанинг хабар беришича, бундай қарор гўёки “фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш” мақсадида қабул қилинган.
“Хорижга чиқмоқчи бўлган 27 ёшдаги танишимни миграция хизматининг вилоят бўлимига чақириб, билетини олиб қўйишибди. Унга 30 ёшга тўлмаган эркакларга мамлакат ташқарисига чиқиш тақиқланганини айтишибди”, деди туркман хизматига Дашўғуз вилоятида яшовчи манба.
Хабарларга қараганда, хорижга чиқарилмаган бир неча йигитга билет пуллари қайтариб берилган.
Туркманистонда сўнгги ойларда хорижга, биринчи навбатда Туркияга боришга турли тўсиқлар қўйилмоқда. Бундан тақшари туркман ҳукумати бошқа давлатларда ишлаётган муҳожирлар ва талабаларни ортга қайтариш чора-тадбирларини кўраётгани айтилмоқда.