АҚШ Давлат департаменти: Хитойнинг Шинжонида ўн минглаб уйғур ушланган

Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор ҳудуди.

Хитой ғарбидаги Шинжон-Уйғур мухтор ҳудудида ўн минглаб киши ушланган бўлиб, бу уйғурлар ва мусулмон озчиликларга босим ўтказилаётгани билан боғлиқ. Бу ҳақда АҚШ Давлат депаратаменти вакили, Давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Лаура Стоун Пекинда баёнот берди.

Стоунга кўра, сиёсий қайта тарбиялаш марказлари аталмиш жойларда оммавий ушлашлар “ташвишли манзара касб этмоқда”.

“Биз уйғурлар ва Шинжондаги бошқа мусулмонларнинг қонуний ҳуқуқларини чеклашга қаратилган Хитой ҳаракатларидан ташвишдамиз”, деган Лаура Стоун.

АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган Озод Осиё радиосига кўра, январь ойида биргина Қашқар шаҳрида қайта тарбиялаш марказларида 120 мингдан зиёд одам ушлаб турилган.

Стоуннинг баёноти юзасидан изоҳ сўраб қилинган мурожаатга Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмийси “Шинжонда барча миллат ва элатлар тинч-тотув яшаб, меҳнат қилаётганини” айтган. У АҚШни Хитойнинг ички ишларига аралашишдан тийилишга чақирган.