Бугун 2,6 миллиард долларга қурилган Қандим газ комплекси тантанали равишда очилади

Иллюстратив сурат..

Бухоро вилоятида 19 апрель куни Қандим газни қайта ишлаш комплексининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Президент матбуот котиби Комил Алламжоновнинг билдиришича, тадбирда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Қандим газни қайта ишлаш комплексининг биринчи босқичи 2017 йилнинг 3 ноябрь куни режалаштирилганидан 5 ой олдин ишга туширилган.. Комплекснинг 2-босқичини барпо этиш ишлари лойиҳа бўйича 2018 йилнинг июлида якунланиши режалаштирилган эди.

Қандим комплекси тўла ишга туширилиши ортидан йилига 8 миллиард 100 минг куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Қиймати 2 миллиард 600 миллион долларлик мазкур завод Россиянинг "Лукойл" ширкати ҳамкорлигида Кореянинг Hyundai Engineering ва Сингапурнинг ENTER Engineering ширкатлари томонидан барпо этилмоқда.

2016 йилнинг апрель ойида ўтган Қандим газ заводи тамал тошини қўйиш маросимида Шавкат Мирзиёев ва “Лукойл” раҳбари Вагит Алекперов иштирок этган эди.

Қандим конлари группасини ўзлаштириш учун жами 4,5 миллиард доллар сармоя ётқизилиши режалаштирилган.