Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларини таъқиб қилиш доирасида Хитой ҳукумати ўн минглаб одамларни қўлга олди.
Бу ҳақда Хитой пойтахти Бейжинда ўтган анжуманда АҚШ Давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч Океани минтақаси бўйича ёрдамчиси ўринбосари Лаура Стоун маълум қилди.
Унга кўра, қўлга олинганларнинг барчаси “қайта сиёсий тарбиялаш” марказларида сақланаётгани “ўта ташвишли ҳолат”дир.
-Биз Шинжондаги уйғурлар ва мусулмон озчиликнинг ҳуқуқларини чеклаш жараёни кучайиб бораётганидан ташвишдамиз,-деди Лаура Стоун.
АҚШ расмийси бу масалани “Хитой расмийлари билан ўтадиган ҳар бир учрашувда кун тартибига киритаверамиз”, деб айтди.
Стоун Шинжон-Уйғур мухториятидан олинган маълумотларнинг озлиги туфайли қамоққа ташланганлар сони қанча эканини аниқлаш имконияти йўқлигини, бироқ уларнинг сони “ўн минглаб одамлар”ни ташкил қилишини айтди.
Ҳуқуқ фаоллари Хитой ҳукумати ислом дини ва маданиятига, мусулмонларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига жиддий тўсиқлар қўяётганини айтиб келмоқдалар.
“Озод Осиё” радиосининг билдиришича, жорий йил январь ойида биргина Қашқардан 120 минг одам “қайта тарбиялаш марказлари”га юборилган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ расмийси Лауро Стоун билдирувини инкор этмоқда. Хитой расмийларига кўра, Шинжон-Уйғур мухториятида барча миллатлар тинч-тотувликда ва фаровон ҳаётда яшамоқда.