Муқаддам судланган шахсларни ва яқин қариндошлари қамоқда ўтириб чиққан одамларни ишга қабул қилишни рад этиш қонунан тақиқланди.
Бу борада Меҳнат кодексининг 78-моддасига қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун 18 апрелда президент томонидан имзоланди ва 19 апрелдан кучга кирди.
Меҳнат кодексининг “Ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмаслиги” тўғрисидаги 78-моддасига қўшимча киритишни назарда тутувчи қонун 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 29 март куни Сенат тасдиғидан ўтган эди.
Ўзбекистон президенти 2017 йилнинг 12 июль куни ўтган видеоселектор йиғилишида “20 йил давомида шунақа тизим яратдикки, яхши-яхши кадрларни “отаси қамалган”, “акаси қамалган”, деган важлар билан бошқарувга яқин йўлатмадик. Барча ўзи учун жавоб берсин. Ота ўзи учун, бола ўзи учун, ака ўзи учун. Энди ватанпарвар бўлса, ташаббускор бўлса, бошқарувга жалб қиламиз”, деган эди.
Мирзиёев яқинлари қамалган одамларга “тавқи лаънат” осмаслик кераклиги тўғрисида бошқа йиғинларда ҳам бир неча марта гапирган.
Шу йилнинг 22 январида диний мотивлар билан қамалиб чиққан таниқли спорт шарҳловчиси ва журналист Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Маданият ва маърифат" телеканалига бош муҳаррир этиб тайинлангани хабар қилинган эди.